УЕФА бош котиби Жанни Инфантино ҳам ФИФА президентлиги учун сайловга ўз ҳужжатларини тақдим қилди.

"Мен ФИФА президентлиги учун ўтказиладиган сайлов учун номзод сифатида барча зарур ҳужжатларни топширдим", дея маълум қилган Инфантинонинг ўзи.

У яқин вақт ичида бугунги футбол муаммоларини қандай қилиб ҳал қилиш мумкинлиги баён этилган ўз "сайловолди дастури"ни тақдим этишини маълум қилган.

"Бу дастурда кўплаб муҳим ислоҳотлар ўрин олган. Бу дастур ФИФА таркибидаги барча уюшмаларга кўмак кўрсатишни назарда тутади", дейди Инфантини.

Маълумот учун, Инфантино 2009 йилдан буён УЕФА бош котиби лавозимида ишлаб келади. Унинг мутахассислиги адвокат бўлиб, 15 йилдан буён УЕФАдан ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, ФИФАнинг янги президенти 2016 йилнинг 26 февралида ўтказиладиган сайлов орқали аниқланади.

Номзодларни рўйхатга олиш муддати шу йилнинг 26 октябрь кунигача этиб белгиланган.

Маълумот ўрнида, ФИФА президентлиги учун шу вақтгача УЕФА президенти Мишель Платини, ФИФА Ижроқўми собиқ аъзоси Жером Шампань, Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Ҳуссайн, Тринидад ва Тобаго терма жамоасининг собиқ футболчиси Дэвид Нахид, ОФК раҳбари, баҳрайнлик шайх Салмон ибн Иброҳим, Либерия футбол уюшмаси раҳбари Муса Билити ҳамда Жанубий африкалик мультимиллионер Мосима Габриэл Севале ўз номзодларини илгари суришган.