Украина пойтахти Киевнинг амалдаги мэри Виталий Кличко маҳаллий сайловларда сайловчиларнинг 40,4 фоиз овозини тўплади. Бу натижа унга Киев мэри лавозими учун сайловларнинг биринчи босқичидаёқ ғалабани таъминлайди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Бундан Украинанинг “Комитет избирателей Украины” (“Украина сайловчилари қўмитаси”) жамоатчилик ташкилоти буюртмаси билан ўтказилган экзит-поллар (тахминий ҳисоб-китоблар) натижалари дарак бермоқда.

2-ўринни “Батькивщина” партиясидан номзод Владимир Бондаренко 8,7 фоиз овоз йиққан ҳолда эгалламоқда. 3-ўринда 8,1 фоиз овоз тўплаган “Единство” партиясидан номзод, Киевнинг собиқ мэри Александр Омельченко бормоқда.

Украинада маҳаллий сайловлар янги сайлов қонуни бўйича ўтмоқда. Аҳолиси 90 мингдан камроқ бўлган шаҳарларда мэрлар кўпчилик овоз билан сайланади. Йирик шаҳарларда агар номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмаса ёки ўзидан кейин келаётган рақибидан 20 фоиз кўпроқ овоз билан олдинлаб кета олмаса иккинчи босқич белгиланиши мумкин.