Дубай полицияси шаҳар аҳолисининг бахтлилик даражасини ўрганади

Жамият 27 Октябрь 2015 1911

Дубай шаҳри полицияси ҳудудда яшовчи ўзини бахтсиз деб ҳисоблайдиган аҳолига телефон қилиб бунинг сабаблари билан қизиқиб кўриши мумкин. Бу ҳақда The Independent нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, Дубайни 2021 йилда дунёнинг энг бахтли шаҳарлари рейтингида кучли ўнликка олиб чиқиш мақсадида шаҳарда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида СМС-сўровнома ташкил қилинган.

Шаҳар аҳолисининг телефонига инглиз ва араб тилларида ёзилган: «Сиз, Дубайда бахтлимисиз?» саволи хабарнома шаклида жўнатилган. Жавоб вариантлари сифатида кулиб турган, норози қиёфадаги ва бефарқ кўринишдаги смайликларни танлаб, қайтадан жўнатиш таклифи сўралган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари берган маълумотларга кўра, улар дастлабки куннинг ўзидаёқ 200 мингдан ортиқ жавоблар олинган. Уларнинг 84 фоизи бахтли эканини билдиришган бўлса, 6 фоизи нейтрал қарашда эканини маълум қилган. Қолган 10 фоиз аҳоли бу ҳудудда ўзини бахтсиз ҳис қилаётганини тан олган.

«Агар мазкур масала бизнинг йўналишга кирса, биз уларга ёрдам беришга тайёрмиз. Агар бу муаммо бошқа бир давлат ташкилотига алоқадор бўлган тақдирда уларни алоқадор ташкилотларга ҳал қилиш учун йўналтирамиз», — дея таъкидлади Дубай полицияси бошлиғи Ҳамис Маттар ал-Мазейна. Шунингдек у, шахсий масалалар бўйича муаммоларни ечишга ёрдам бера олмасликларини ҳам таъкидлаб ўтишган.

«Менимча бу одамларни бахтлиман деб айттириш учун қўрқитишга ҳам ўхшаб кетади. Чунки ҳеч ким, бахтсизман, деганидан кейин унга телефон қилиб, “нима муаммо, нега бахтсизсан?” қабилидаги сўроққа тутишлари ёқмаслиги мумкин. Яна билмадим. Балки бу чинакамига самимий чиқар», — дея мазкур янгиликка изоҳ берди лектор «Бахт саноати» китоби муаллифи Уильям Дэвис.

Маълумот учун, 2015 йилда World Happiness Report нашри таҳлилларига кўра, 158та давлат жой олган энг бахтли мамлакатлар рейтингида 20-ўринда қайд қилинди ва бошқа араб мамлакатларини ортда қолдириб кетди. Амирлик давлати ташкил топганига 50 йил тўладиган 2021 йилда мамлакат бахтли аҳоли рейтингида кучли ўнликка киришни режалаштирган.

Кўпроқ янгиликлар