Арабистонлик учувчилар Яман ҳудудида "Чегара билмас шифокорлар" ташкилотининг шифохонасига ҳаво зарбалари йўллади. Бу ҳақда ташкилот ўз твиттери орқали маълум қилган.

"27 октябрга ўтар кечаси коалиция томонидан Яманнинг Саъда шаҳрида "Чегара билмас шифокорлар" ташкилотига тегишли шифохонаси биноси бомбардимон қилинди. Бу вақтда бинода беморлар ва шифохона ходимлари бўлишган", дейилади хабарда.

Ушбу ҳужум жабрланувчилари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

18 октябрь куни Яманда коалициянинг янглиш зарбаси туфайли 30 нафар иттифоқчи ҳалок бўлганди.

Маълумот учун, Яманда ҳукумат ва исёнчи ҳусийчилар ўртасидаги қарама-қаршиликлар 2014 йилнинг августидан буён давом этиб келмоқда. Шу йилнинг январида ҳусийчиларнинг "Ансор Аллоҳ" гуруҳи Яман пойтахти бўлмиш Сано шаҳрини ишғол қилган ва президент Абд Раббо Мансур Ҳодийни шаҳардан ҳайдаб чиқарган. Мансур Ҳодий Ямандаги иккинчи йирик шаҳар Аданга кўчиб ўтган.

Исёнчилар Аданга ҳам ҳужум қилишгач, у 25 март куни Саудия Арабистонига бошпана сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлганди.

Шундан кейин, 26 март куни унинг илтимосига кўра, Саудия Арабистони Яманда қонуний ҳукуматни тиклаш мақсадида исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётларга киришди. Кўп ўтмасдан Саудия Арабистони бошчилишидаги коалицияга Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Иордания, Марокаш, Миср ва Судан ҳам кирди.

Ямандаги қуролли тўқнашувнинг бир томонида “Ансор Аллоҳ” шиалар ҳаракатидан исёнчи хусийчилар ва собиқ президент Салоҳга мойил бўлган армиянинг бир қисми, бошқа томонда Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалиция кучлари қўллаб-қувватлаётган, мамлакатдан чиқиб кетган Абд Раббо Мансур Ҳодийнинг қўшинлари иштирок этмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, тўқнашувлар қурбонлари 5 мингдан ошиб кетган.