Кувайт нефть нархи тушиши туфайли 60 фоизга яқин даромадини йўқотди. Бу ҳақда Кувайт амири Сабоҳ IV мамлакат миллий йиғилишида айтиб ўтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Мамлакат етакчисининг айтишича, иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш, жумладан давлат харажатларини қисқартириш учун қисқа муддатларда шошилинч чоралар қабул қилиш керак.

Июль ойида Кувайт парламенти 2016 йил учун давлат бюджетини қабул қилган эди. Давлат бюджети охирги 16 йил ичида биринчи марта дефицит билан тузиб чиқилди. Бу дефицит 7 млрд динорни (23,2 млрд долларни) ташкил қилмоқда.

Нефть экспорти Кувайт ғазнаси даромадининг 90 фоиздан кўпроғини таъминлайди. Танқисликка қарамасдан Кувайт яқин йилларда ўзининг харажатларини давлат захиралари ҳисобига молиялаштириши мумкин. Ҳозирда бу захира 548 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Умуман олганда, 2015 йилда углеводородлар нархининг пасайиши туфайли Яқин Шарқ давлатлари 360 млрд доллар йўқотишди. Янги шароитларда минтақадаги давлатлар харажатларни қисқартириб, захирадаги пулларни ишлатишга мажбур бўлмоқда.