Британия ҳукумати дизелли двигателлар билан таъминланган автомобилларнинг атмосферага ишланган газларни чиқариши борасидаги фирибгарликлар тўғрисида 2009 йилдаёқ бохабар бўлган, дея ёзмоқда Times нашри хусусий изланишлари хулосасига асосланиб.

“Ҳукумат 2009 йилда дизелли двигателлар билан таъминланган машиналар зарарли моддаларни меъёридан ортиқча чиқараётгани тўғрисида огоҳлантирилган”, - дея ёзмоқда нашр. Бу пайтда Британия ҳукумати мамлакат аҳолисининг автомобиллар сотиб олишига қулайлик яратиш мақсадида 1,7 млрд фунт стерлинглик солиқ имтиёзларини тақдим этган.

“Олти йил муқаддам атроф-муҳит муҳофазаси ва қишлоқ хўжалиги вазирликлари буюртмаси асосида олиб борилган тадқиқотда дизелли автомобиллар кутилгандан кўра кўпроқ зарарли газлар ажратиб чиқариши аниқланган эди”, - ёзади нашр.
Эслатиб ўтамиз, Volkswagen автоконцерни 2015 йилнинг сентябрь ойида АҚШда ўз автомобилларига зарарли ишланма газлар чиқарилишини аслидан камайтириб кўрсатувчи дастурий таъминот ўрнатганликда айбланган эди.

Шу муносабат билан Америка ҳукумати концерндан мамлакатда 2009-2015 йилларда сотилган 482 минг Volkswagen ва Audi моделидаги енгил автомобилларни қайтариб олиш шартини қўйди. Шунингдек, компанияни 18,075 миллиард долларлик жарима тўлаш хавфи кутмоқда. Концерн маълумотларига кўра, экологик текширувлар натижасини сохталаштириб, атмосферага камроқ заҳарли газ ажралиб чиқаётганини кўрсатадиган автомобиллар сони дунё бўйича 11 миллион донага етади.

Мазкур рўйхатга EA 189 EU5 турига мансуб мотор жойлаштирилган барча машиналар киради. Мутахассислар Европадаги бошқа автоишлаб чиқарувчилар маҳсулотларида ҳам худди шундай дастур ўрнатилган бўлиши мумкинлигини инкор этишмаяпти. Ушбу можаролар сабабли Volkswagen компанияси бош директори Мартин Винтеркорн истеъфога чиқарилди, жанжал эса "дизелгейт" номини олди.