Ўзбекистон яқинлашиб келаётган қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжини узлуксиз қондириш учун чет элдан 330 минг тонна қўнғир кўмир сотиб олади. Бу ҳақда "Газета.уз" хабар берган.

Вазирлар Маҳкамасининг 16 октябрдаги қарорига кўра, сотиб олинадиган кўмирнинг 100 минг тоннасидан ёқилғи брикетлари тайёрлаш учун фойдаланилади.

Кўмир аҳолига режа-жадвал асосида етказиб берилади. Ҳукумат Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига аҳолига кўмирни «Маҳалла» жамғармаси тайёрлаган буюртмаларга кўра, тезкор ва манзилли етказиб бериш вазифасини юклатди.

Қарорда кўмирни аҳолига сотиш бўйича жамоат назоратини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.