27 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ташкил этилган Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми ва кооперацион биржасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Ушбу бизнес-форумда бир қатор манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда шу йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия Федерацияси ишбилармонлар гуруҳи томонидан ўзаро манфаатли таклифлар илгари сурилди.

Делегация таркибига Россия Федерацияси ветеренария, энергетика, электротехника, металлни қайта ишлаш, нефть, текстиль, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати ускуналари билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси ва “ЭКСАР” Россия экспорт кредитлари ва инвестициялари суғурта агентлиги вакиллари киради.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси дипломатик корпус вакиллари, хусусан, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Львович Тюрденев ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги савдо вакили Мокроусов Андрей Иванович ҳам ушбу тадбирда иштирок этди.

Ташрифдан мақсад, IX Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасига ташриф буюриш ва Ўзбек-Россия бизнес форуми ҳамда вазирликлар, идоралар, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ўзаро музокаралар олиб боришдир.

Бизнес-форумда иштирок этган Россия делегацияси ишбилармон доиралари Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолашди. Бизнес-форум доирасида томонлар ўртасида истиқболларни белгилаш, келгуси ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Россия Федерацияси билан стратегик ҳамкорликни келгусида мустаҳкамлаш, икки томонлама манфаатли бўлган кўп қиррали савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда.

Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикасининг энг катта ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси жами савдо айланмасининг 29 фоизи, экспортининг 36 фоизи Россия Федерацияси улушига тўғри келади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 885та Россия капитали иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Россия Федерацияси делегацияси жорий йилнинг 27 октябрига қадар Ўзбекистонда бўлиб, соҳа ривожи билан яқиндан танишади.