26 октябрь куни Афғонистон ҳудудида жойлашган Ҳиндикуш тоғларида Тошкент вақти билан соат 14:09да 7,5 магнитудали зилзила юз берди. Ер силкиниши кучи Ҳиндистон пойтахтидан тортиб, Россиянинг Новосибирск шаҳрига қадар сезилган.

«Тошкент» марказий сейсмик станцияси ахборотига кўра, зилзила кучи Афғонистонга нисбатан яқин Термиз шаҳрида 5,5 магнитудани ташкил этган, Фарғона водийсида 3—4, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида эса 5 магнитудага тенг бўлган.

Ўзбекистонликлар бу ер қимирлашига оддий табиат ҳодисаси сифатида қарашган ва зилзила вақтида ваҳимага тушмасдан ҳаракатланишган.

Тошкент шаҳрида зилзила асосан баланд қаватли уйлар, офислар ва жамоат ташкилотлари биноларида сезиларли равишда содир бўлган ҳамда бундай бинолардаги кишилар зилзила вақтида хавфсизлик учун тартиб бўйича ташқарига чиқиб туришган.

Ҳодисадан 5-10 дақиқа ўтгач, улар ўз офисларига ва хоналарига қайтиб, ишларини давом эттиришган.

Қайд этилишича, зилзиладан кейин Ўзбекистондаги мобил алоқа опералари фаолиятида зўриқиш кузатилган, кишилар тинимсиз равишда ўз яқинлари аҳволидан хабар олиш учун кўплаб қўнироқларни амалга оширишган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бу зилзила кенг муҳокама мавзуси бўлган.