Россия авиагуруҳи Суриянинг Латақия вилоятида ИШИД жангариларининг учта пунктини йўқ қилди. Бу ҳақда журналистларга Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили, генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.

“Латақия вилоятидаги Салма аҳоли пункти яқинида Су-25 штурмчи самолётлари томонидан блиндаж, дот ва миномёт позициялари билан жиҳозланган ИШИД жангариларининг учта пункти йўқ қилинди”, деб айтди Конашенков.

Конашенковнинг айтишича, Россиянинг Суриядаги авиагуруҳи охирги кунлар давомида ИШИД ва “Жибҳад ан-Нусра” террорчилик гуруҳларининг объектларига зарбалар беришни давом эттирди.

“Охирги 3 кун ичида Россия авиагуруҳи самолётлари 164 та жанговор парвоз амалга оширди ва ИШИДннинг 285 та объектига зарба берди. Кечаги кунда авиация 59 та парвоз амалга ошириб, Хама, Идлиб, Латақия, Дамашқ, Ҳалаб, Дайр-аз-Зўр вилоятларидаги жангариларнинг 94 та объектини аниқ нишонга олди”, деб қўшимча қилиб ўтди Конашенков.