The Independent нашри ўз ўқувчилари орасида сўровнома ўтказиб, куннинг кечки пайтида сайр қилиш учун энг хавфсиз мамлакатларни аниқлади.

Ўтказилган сўровда иштирокчиларга «Кечки пайт шаҳрингиз ёки маҳаллий турар-жойингизда сайр қилаётиб, ўзингизни хавфсиз деб ҳис қиласизми?» саволи билан мурожаат қилинди.

Берилган жавоблар асосида тунги сайрлар учун энг хавфсиз ва хавфли мамлакатлар рейтинги тузилди.

Унга кўра, хавфсиз мамлакатлар ўнлигида Тожикистон ва Арманистон (саккизинчи ва тўққизинчи ўринларда) ҳам қайд этилди.

Ушбу рейтингни Сингапур бошқармоқда. Шунингдек, Гонконг, Норвегия, Испания, Руанда, Индонезия ва Словения ҳам кечалари хавф сезмаган ҳолда сайр қилиш мумкин бўлган мамлакатлар сифатида саналган. Бу борадаги ўнинчи ўринни Австрия эгаллаган.

Ўз навбатида, тунда кўчага чиқиш хавфли деб ҳисобланган мамлакатлар ҳам аниқланган. Бундай рейтингда Венесуэла, Габон, Конго, Парагвай ва Афғонистон номларини кўриш мумкин.

Ушбу сўровномада дунёнинг 141 мамлакатига мансуб, 142 минг ўқувчи иштирок этган.