Украинада Россияда суратга олинган “Бригада” сериалининг намойиши ман қилинди, деб хабар берди Украинанинг кино масалалари бўйича агентлигига иқтибос келтирган ҳолда “112 Украина” канали.

2015 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ҳаммаси бўлиб “Синдром дракона”, “Только ты” сериалларини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди, “Улицы разбитых фонарей-5”, “Мы из будущего”, “История летчика”, “Бригада”, “Охота на пиранью (Пиранья)”, “Конвой PQ-17”, “Станица” фильмларининг давлат қайдлови ва прокат гувоҳномалари бекор қилинди.

Украина кино масалалари бўйича агентлиги раиси Филипп Ильенконинг айтишича, бу чоралар нафақат россияпараст ташвиқотга қарши курашишга ёрдам бериши, балки Украинада сифатли кино ва телеконтентни ишлаб чиқаришни рағбатлантириши керак.

Эслатиб ўтамиз, “Бригада” сериали илк бор 2002 йилда Россия телевидениесида намойиш қилинган бўлиб, 15 сериядан иборат. Сериалда жиноятчилик гуруҳини тузган 4 ажралмас дўст воқеаси акс эттирилган.