Яқин 5 йил ичида нефть нархининг пастлиги туфайли Саудия Арабистони бюджет танқислигининг тез ўсиши муаммосига дуч келади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси тадқиқотига иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали маълум қилди.    

2015 йилда углеводородларга нархларнинг пасайиши туфайли Яқин Шарқ давлатлари 360 млрд доллар йўқотди, деб таъкидланмоқда ХВЖда. Янги шароитларда бу минтақа давлатлари харажатларни қисқартириб, захирадаги маблағлардан фойдаланишга мажбур бўлади.  

Дунёда нефть қазиб олувчи энг йирик давлат бўлган Саудия Арабистони нефть нархи бир баррели 106 доллар бўлганда барқарор бюджетга эга бўлиши мумкин. Жамғарма таҳлилчиларининг фикрича, қироллик ғазнаси нефть нархи 50 доллар бўлган шароитга 5 йилгина бардош бера олиши мумкин.

Турли маълумотларга кўра, Саудия Арабистони ғазнасига тушадиган 90-95 фоиз даромад энергия ташувчиларнинг экспортидан олинади. Мамлакатда 2015 йилга режалаштирилган тушум 190 млрд долларни, чиқим эса 229 млрд долларни ташкил қилади.