Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон ҳукумати Тошкент энергия ва иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш учун 12 млрд иен (100 млн доллар атрофида) миқдорида кредит ажратилиши бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда “Ўзбекэнерго” АЖ вакилига иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри хабар берди.

Ушбу келишув Япония бош вазири Шиндзо Абенинг 24-26 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланди.

Кредит 10 йиллик имтиёзлик даврга эга 40 йиллик муддатга тақдим қилинмоқда.

Модернизациялаш лойиҳасида 4-сонли Тошкент иссиқлик марказида 27 МВт қувватга эга 4 та газ-турбинали қурилма қуриш кўзда тутилган. Бу қурилмалар эвазига йилига 946 млн КВт-соат қўшимча электр энергия олинади. Ушбу электр энергия коммунал сектор учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 3 йилни ташкил қилади. Умумий миқдори 167,3 млн долларни ташкил қиладиган ушбу лойиҳанинг қолган қисми “Ўзбекэнерго” маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

“Ўзбекэнерго” структурасига кирувчи “Тошкент электр маркази” АЖ (ТошТЭЦ) Тошкент аҳолиси учун электр ва иссиқлик энергиясини етказиб берувчи асосий корхона ҳисобланади. 4-сонли иссиқлик маркази “Тошкент электр маркази” структурасига кирувчи 9 та иссиқлик марказидан биридир. Лойиҳанинг самаралироқ амалга оширилиши учун 4-сонли иссиқлик маркази “Ўзбекэнерго” структурасига ўтказилди.