Андижонда 2015 йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларга бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов бошқарган йиғилишда вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик корхоналар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.

Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётининг барча соҳаларида ўсиш таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,8 фоиз ўсди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 21,4, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,8, қурилиш ишлари ҳажми 13,9, чакана савдо айланмаси 14,3, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 19,4 фоизни ташкил этди.

Иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш барқарор ўсишнинг асосий омили бўлди.

Вилоят иқтисодиётида салмоқли ўринга эга бўлган саноат соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодиётга жалб этилган инвестицияларнинг асосий қисми янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга, саноатни модернизация қилиш ва технологик янгилашга йўналтирилди. Хусусан, 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, ҳисобот даврида 634 янги қувватлар ишга туширилди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 16,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортди. Бу 6,4 миллион доллар миқдоридаги валютани тежаб қолиш имконини берди. Хорижга чиқарилаётган маҳсулотлар тури 9тага ортиб, экспорт географияси янада кенгайди.

Умумфойдаланувда бўлган автомобиль йўлларида 57,1 миллиард сўмлик таъмирлаш ва реконструкция, 69,6 километр масофадаги ички йўлларда 7,5 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қарийб 57 километр электр линияси тармоқлари қурилиб, 5 минг 392 километри таъмирланди. 1,2 километрлик газ қувури мукаммал таъмирланди. 121 километрдан зиёд масофага янги сув тармоғи тортилиб, 39 сув қудуғи фойдаланишга топширилди.

Андижон вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.