2015 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан “Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Сулаймонова Нозима ахборотига кўра, Республика бўйича Давлат меҳнат техника инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари томонидан ўтказилган текширишларда, Меҳнат муҳофазаси қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик холатлари бўйича жами бўлиб 29 мингдан ортиқ камчиликлар аниқланган бўлиб, қарийб 28 мингтаси бўйича камчилик бартараф этилганлиги ҳақида корхоналардан маълумотлар олинган.

Давлат меҳнат техника инспекторлари томонидан 2015 йилнинг 9 ойи давомида Меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига амал қилинмаганлиги учун 2450 нафардан ортиқ мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган бўлиб, шундан 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, 9 нафарига бошқа интизомий чоралар кўрилган, қолганларга маъмурий жарималар қўлланилган. Солинган жариманинг жами миқдори 860 млн сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Тадбирда меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди. Журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.