Facebook ижтимоий тармоғи раҳбарияти ходимлари учун “2G-сешанба”ларни жорий қилмоқчи. Ҳар ҳафтанинг мана шу куни коллективга секин ишлайдиган 2G-интернетга ўтиш таклиф қилинади. Business Insider нашрининг ёзишича, бундан кўзланган асосий мақсад уларга Кремний водийси ва ривожланаётган мамлакатлар бозорлари ўртасидаги фарқни кўрсатиб беришдир.

“Мен бир нарсани ҳис қилгандай бўлдим... Шубҳасиз, мен учун бу чинакам синовдир – маҳсулотнинг бир қисми синиб қолгандай ҳиссиёт”, - деди биринчи сешанбадан сўнг ижтимоий тармоқ бош муҳандиси Том Элисон.

Секин интернет саҳифаларни тез юклаш имконини бермайди, шу боис Элисон ва унинг ходимлари секин ишлайдиган интернет тармоқларига мўлжаллаб янгиликлар тасмасини тузиб чиқишга кўп вақт сарфлайдилар.

Компания мутахассислари илгари ҳам шунга ўхшаган тажрибаларга қўл уриб туришган. Жумладан, улар 2G-интернетда ишловчи телефонлардан фойдаланишади, ёҳуд Ҳиндистон ва Кения сингари давлатларга сафарлар уюштиришади.