Латвиянинг Адажи ҳарбий базасига АҚШнинг 17 та зирҳли техникадан иборат колоннаси етиб келди. Бу ҳақда Латвия Мудофаа вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар департаменти раҳбари Каспарс Галкинс ТАСС ахборот агентлиги мухбирига маълум қилди.

“Лиепае портига кечаси 8та М1А2 Abrams танки ва 9та М2А3 Bradley зирҳли машинаси етиб келди. Кундузи барча техника Адажи ҳарбий базасига етказилди” деб хабар берди Галкинс.

Галкинснинг айтишича, ушбу ҳарбий техника Латвияда “камида уч ой мобайнида” бўлади. “Техника Латвия миллий қуролли кучлари ҳарбийлари билан биргаликдаги ўқув машғулотларида иштирок этади”, деб қўшимча қилди Латвия Мудофаа вазирлиги вакили. Бироқ Галкинс ўқув машғулотларида айнан қандай малакаларга сайқал берилиши ҳақидаги саволга жавоб бермади.