Испаниядаги журналистлар Москванинг ЦСКА жамоаси бош мураббийи Леонид Слуцкийни "Челси"нинг навбатдаги бош мураббийига айланиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатишмоқда.

Маrса нашри маълумотига кўра, россиялик тадбиркор Роман Абрамовичга тегишли ҳисобланадиган "Челси"га мавсумни омадсиз ўтказаётган Жозе Моуриньо ўрнига таклиф қилиниши мумкин бўлган номзодлар орасида Россия терма жамоасини Евро-2016 турнирига олиб чиққан ва ЦСКА билан ички чемпионатда пешқадамлик қилаётган Леонид Слуцкий номи ҳам бор.

Жамоа шунингдек, Хосеп Гвардиола ("Бавария"), Диего Симеоне ("Атлетико") ҳамда ишсиз юрган тажрибали мутахассислар Гуус Хиддинк ва Карло Анчелотти номзодларини ҳам кўриб чиқаётгани айтилган.

Қайд этиш керакки, ўтган мавсумда АПЛ чемпиони бўлган "Челси" янги мавсумни ўта омадсиз бошлади. Лондонликлар АПЛнинг 10 туридан кейин 11 очко билан турнир жадвалида 15-ўринда турибди. Қолаверса, жамоа ЕЧЛда кўнгилдагидек иштирок эта олмаяпти. Кечагина эса "Челси" "Сток Сити"га ютқазиб, Англия Лигаси Кубогидан чиқиб кетди.

ОАВларда айтилишича, 11 турда "Ливерпуль"га қарши ўйинда ғалаба қозонилмаса, Моуриньо билан шартнома бекор қилинади. Унинг устама пули 30 млн еврони ташкил қилиши айтилган.