"Подробно.уз" сайтида gm-uzbekistan.com домени эгалари «Ўзавтосаноат» компанияси билан алоқага чиқиб, доменни 45 млн сўмга сотиб олишни таклиф қилишгани ҳақида хабар берилди.

Маълум қилинишича, домен эгалари Россияда яшашади ва фаолият кўрсатишади. Уларнинг бу таклифи «Ўзавтосаноат» компанияси томонидан рад этилган.

Қайд этиш керакки, бу домен остида фаолият кўрсатадиган сайт интернет фойдаланувчилари орасида бир қадар машҳурликка эришган. Бу сайтда компаниянинг расмий сайтидан олдин турли маълумотлар, асосан миш-миш кўринишида чиқиб туради.

Бироз олдинроқ, айнан шу манба асосида Ўзбекистоннинг айрим хабар сайтларида «GM Uzbekistan» келаси йилдан Sonic ва Impala русумидаги янги автомобилларни ишлаб чиқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Кўп ўтмасдан «Ўзавтосаноат» «GM-Uzbekistan.Com» ахборотини рад этиб, бу сайтга асосланиб, хабар тарқатмасликни сўраганди.