Ўзбекистон Doing Business рейтингида 16 поғонага кўтарилди

Ўзбекистон 28 Октябрь 2015 5822

Ўзбекистон Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг янги “Бизнес юритиш 2016” (Doing Business) рейтингида 2014 йилдаги 103-ўриндан 2015 йилда 87-ўринга, яъни 16 поғонага кўтарилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон “Бизнес юритиш 2015” рейтингида 141-ўринни эгаллаётган эди, бироқ рейтинг методологияси янгилангани учун 103-ўринга кўтарилган.

“Бизнес юритиш 2016: тартибга солиш сифатига ва самарадорлигига баҳо” ҳисоботида ўтган бир йил ичида 85 та ривожланаётган давлат умумий ҳисобда бизнесни тартибга солиш соҳасида 169 та ислоҳот ўтказгани қайд этилган. 2014 йилда 154 та ислоҳот ўтказилган эди. Бундан ташқари, юқори даромадга эга давлатлар 62 та ислоҳот ўтказганлар, бунинг натижасида ўтган йил ичида ўтказилган ислоҳотлар сони 122 та давлат бўйича 231 тани ташкил қилди.

Ўтган йил ичида янги ислоҳотларнинг аксарият қисми тартибга солишни соддалаштириш ва нархларни камайтириш орқали тартибга солиш самарадорлигини оширишга қаратилди. Бунда энг кўп сондаги ислоҳотлар “корхоналарни рйўхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича ўтказилган. Бу кўрсаткичда бизнесни очиш учун рухсат олишга талаб қилинадиган вақт ҳамда бу билан боғлиқ харажатлар ўлчанади. Умуман, 45 та давлат, шу жумладан 33 та ривожланаётган давлат тадбиркорлар учун бизнесни очишни соддалаштириш борасида ислоҳотлар ўтказган. Мисол учун, Ҳиндистон устав капиталининг миқдорига талабларни соддалаштириш ва бизнес-операцияга сертификатни бекор қилиш ҳисобига сезиларли яхшиланишга эришди ва шу тариқа тадбиркорларни керак бўлмаган жараёндан озод қилди ва рўйхатдан ўтказиш учун кутиш вақтини 5 кунга қисқартирди.

Ушбу рейтингда, шунингдек, Қозоғистон 41-ўринни, Россия 51-ўринни, Қирғизистон 67-ўринни, Украина 83-ўринни, Тожикистон 132-ўринни эгаллади.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон рейтингдаги ўз мавқеини бизнесни рўйхатдан ўтказиш (42-ўрин, 22 та поғона кўтарилган), хусусий мулкни рўйхатдан ўтказиш (87-ўрин, +26 поғона), кредит олиш (42-ўрин, +63 поғона) ва солиққа тортиш (115-ўрин, +2 поғона) каби мезонлар бўйича яхшилаб олди.

Шу билан бирга қуйидаги мезонлар бўйича пасайиш кузатилди: қурилишга рухсат олиш (151-ўрин, -2 поғона), электр таъминотига уланиш (112-ўрин, -4 поғона), миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш (81-ўрин, -1 поғона) ва халқаро савдо (159-ўрин, -1 поғона).

Ўзбекистон шартномалар бажарилишини таъминлаш (32-ўрин) ва тўловни амалга ошира олмасликка рухсат (75-ўрин) каби мезонлар бўйича ўз ўрнини сақлаб қолди.

Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда корхоналарни рўйхатга олиш учун 5 та жараённи амалга ошириш керак. бу кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичдан (4,7) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига кирувчи давлатларникидан (4,7) баланд. Ўзбекистонда янги корхонани рўйхатга олиш муддати 6,5 кунни ташкил қилади (ЕМА минтақасида – 10 кун, ИҲТТда – 8,3 кун).


Рейтингда Сингапур ўз етакчилигини сақлаб қолди. Тадбиркорлик фаолияти юритишга энг мақбул шароитларга эга давлатлар юқори ўнталигида Сингапурдан кейинги ўринларни Янги Зеландия (2-ўрин), Дания (3); Жанубий Корея (4); Гонконг (5); Буюк Британия (6); АҚШ (7); Швеция (8); Норвегия (9) ва Финляндия (10) эгалламоқда.

Кўпроқ янгиликлар