Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов бошчилигидаги делегация 2015йил 30 октябрь куни Душанбе шаҳрида (Тожикистон Республикаси) бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Тожикистон етакчисининг МДҲ давлатлари бош вазирлари билан учрашуви Душанбедаги Миллат саройида бўлиб ўтади.

Саммит доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг келгусидаги тараққиёти масаласида 30га яқин саволлар муҳокама этилади. Бундан ташқари, саммитда молиявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, ижтимоий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Йиғилишда МДҲ иқтисодий тараққиётининг учинчи босқичи, Ёшлар ўртасида ҳамкорлик стратегияси, Жисмоний маданият тараққиёти стратегияси масалаларининг навбатдаги босқичи ҳақда сўз юритилади. Бундан ташқари, 2016 йилда ташкилот тузилганининг 25 йиллик байрамини ўтказиш чора-тадбирлари ҳам муҳокама этилади.

Кенгаш йиғилишлари аввал тор, кейин кенгайтирилган таркибда ўтади.

МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишидан сўнг ОАВ вакиллари учун йиғилиш қатнашчиларининг иштирокидаги матбуот-анжумани бўлиб ўтади.

Душанбега Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Молдова, Озарбайжон ва Беларусь бош вазирларининг ташрифи кутилмоқда, уларга тожикистонлик ҳамкасблари Қоҳир Расулзода қўшилади.

Украина МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этмайди.