Яқинда Қозоғистоннинг Тароз шаҳрида ўзини ёқиб юборган ўсмир йигит бу ҳаракатни амалга ошираётган чоғда гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлгани аниқланди. Бу ҳақда республика бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

24 октябрь куни 20 ёшли Ерлан Бектибаев шаҳарнинг марказий майдонида ўзига ўт қўйиб юборган эди. Кейинроқ у олинган жароҳатлардан шифохонада оламдан ўтди.

Ўзини ёқиб юборишдан олдин у ҳаммасига полициячи айбдорлигини маълум қилди. Бу факт “ўз жонига қасд қилишга олиб бориш” ва “мансабини суиистеъмол қилиш” моддалари бўйича кўриб чиқилмоқда.

Маълум бўлишича, воқеадан бир неча кун олдин Бектибаевнинг ёнидан гашиш моддаси топилиб, шу асосда унга нисбатан иш очилиши кутилаётган эди. Шунда Бетибаев бир қанча танишларини ёрдамга чақирган, лекин уларга фақат ўз оёқларига ўт қўйишини айтган. Улар ким қандай ролни бажариши, ким суратга олишини олдиндан келишиб олишган. Лекин кутилмаганда Бектибаев ўзига ўт қўйиб юборган.