Испаниянинг Тенерифе оролида яшовчи мухлислардан бири супермаркетда туширган суратини интернетга жойлаштирди.

Бу суратда кўрсатилган супермаркет қўриқчиси "Реал" футболчиси Серхио Рамос билан икки томчи сувдек ўхшаш бўлиб, интернет фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокамалар бошланиб кетди.

Мухлислар Рамос "Реал"нинг асосий таркибидан тушиб қолганига эътибор қаратишиб, уни Mercadona супермаркетини реклама қилиш билан шуғулланаётгани ҳақида тахминлар билдиришган. Мухлисларнинг асосий қисми бу одам шунчаки Рамосга жуда ўхшовчи ҳақиқий қоровул экани ҳақида ёзишган.

Футболчининг ўзи бу воқеага ҳазиломуз тарзда муносабат билдирган.

"Мен шуни расман маълум қиламанки, Mercadona билан шартнома имзоламадим", дейди у смайлик илова қилинган твитида.

Қайд этиш керакки, Рамос жароҳат туфайли Испания терма жамоасининг охирги ўйинларида иштирок этмади. Ла лиганинг 7-турида эса "Атлетико"га қарши дербида унинг ҳаракатларидан бош мураббий Рафаэль Бенитес норози бўлган. Шундан кейин футболчи ва мураббий ўртасида совуқчилик юзага келган, футболчи кейинги ўйинга туширилмаган. У Ла лиганинг 10 туридан фақат 5тасида майдонга туширилди.