Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Ўзбекистоннинг Artel компанияси билан ҳамкорликда келаси йили Ўзбекистонда LED-мониторлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания ходими Sputnik агентлиги билан суҳбат чоғида айтиб ўтди.

Айтилишича, 2015 йил августида Зоминда иш бошлаган завод 2 ой ичида юқори самарадорлик кўрсатиб, Ўзбекистон бозорининг кенглигини ва қўшни давлатларнинг қизиқишини намойиш этиб бера олди.
“Бу Ўзбекистондаги биринчи тажриба, шу боис ҳозирнинг ўзиданоқ маҳсулотимизга бўлган эҳтиёжни ҳис қилмоқдамиз. Бу талаб нафақат маҳаллий дилерлар, балки хорижий компаниялар томонидан келмоқда.

Шу боис ишимиз унумдорлиги ўсмоқда”, - маълум қилди агентлик суҳбатдоши.
Бугунги кунда корхона Samsung бренди остида 19 ва 22 дюймли 2 моделдаги мониторларни ишлаб чиқармоқда. 2016 йил охирига келиб 27 дюймли яна бир турдаги монитор ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.