Сурхондарё вилоятида 2015 йилнинг 9 ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда устувор вазифалар ижросига бағишланган фаоллар йиғилиши ўтказилди.

Вилоят ҳокими Т.Мамараимов бошқарган йиғилишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошқарма ва идоралар, тижорат банклари, жамоат ташкилотлари, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.

Маълум қилинишича, 2015 йилнинг 9 ойи давомида вилоятда 82 миллиард уч юз миллион сўм ва 250 минг доллар қийматидаги маблағ эвазига ишга туширилган саноат корхоналарида қирққа яқин янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Тўрт минг икки юзга яқин иш ўрни яратилди, 28 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4 триллион 927 миллиард 740 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари 18,7, истеъмол товарлари 13,6, қурилиш пудрат ишлари 13,9, хизматлар ҳажми 18,8, чакана савдо айланмаси 18,4 фоизга ўсди. Бандлик дастури доирасида 53 минг 252 янги иш ўрни яратилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг воҳа иқтисодиёти тараққиётидаги ролини янада ошириш, мавжуд тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида 1000 дан ортиқ кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 448,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиб, хусусий сектор томонидан 391,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 791,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 439,5 миллиард сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 79,1 фоизни, хизматлардаги улуши 43,2 фоизни ташкил этди.

Вилоят корхоналари томонидан 98,1 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди.