Маълум бўлишича, “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллар фойдаланиш корхонаси мансабдорлари 2013-2014 йилларда олиб борилган таъмирлаш ва қурилиш ишларига 1.546 млн сўмдан ортиқ бажарилмаган ишларни қўшиб ёзишган. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.

Бундан ташқари, корхона раҳбарияти “Ўзавтойўл” ДАКнинг ҳамда ёрдамчи пудратчи ташкилотларнинг мутасаддилари билан тил бириктирган ҳолда Молия вазирлиги қошидаги йўл жамғармаси билан 84.59 млрд сўмлик йўл қурилиш ишларини бажариш бўйича шартнома имзолаган. Сўнг улар 660 млн сўмлик бажарилмаган, 1.516 млрд сшмлик сифатсиз бажарилган иш ҳажмларини ҳужжатлаштириб, жамғармага тақдим этишган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди юқоридаги ва бошқа ҳолатларни атрофлича кўриб чиқиб, “Қамчиқавтойўл” ИЙФК раҳбари Н. Жўраев ва бошқаларга нисбатан тегишли жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.