28 октябрь куни Афғонистон ва Туркманистон чегараси ҳудудидаги Фарёб вилоятининг Гормач уездини Толибон жангарилари қўлидан озод этиш учун ўтказилган амалиётлар давомида 140 нафардан ортиқ жангари ўлдирилди. Бу ҳақда ҳудуд полицияси вакили Саид Оға Андаробий маълумот берган.

"Гормач уездининг Дуоба қишлоғида Миллий армия ва кўнгиллилар иштирок этган ҳарбий амалиётларда толибонлар билан 3 марта йирик тўқнашув содир бўлди ва 140 нафардан ортиқ жангари бартараф қилинди", дейди манба.

Унинг қайд этишича, ушбу амалиёт жараёнига жангарилар тинч аҳоли вакилларидан "тирик қалқон" сифатида фойдаланишгани халақит берган.

Гормач уездида жангарилар 10 кун олдин назорат ўрнатишганди. Уларнинг ҳужуми вақтида уезд полицияси бошлиғи Абдул Мажид Гилемфоби ва 17 нафар полициячи асир олинган. Полиция бошлиғи кўп ўтмасдан ўлдирилган, қолган асирларнинг тақдири номаълум.