Шимолий Корея ҳар йили ўн минглаб фуқаросини чет элга, жумладан, Россия ва Хитойга ишлаш учун жўнатади. Бу эса, ўз навбатида, ишчилар фойдасига эмас, аксинча, мамлакатга пул оқими келишини таъминлаб беради.

Бу ҳақда БМТнинг Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Марзуки Дарусман маълум қилган, деб хабар бермоқда NBC. Маърузада келтирилишича, Шимолий Корея Хитой ва Россияга 50 минг нафар фуқаросини ишлаш учун жўнатган. Ишчилар, шунингдек, Нигерия, Жазоир ва Европанинг айрим давлатлари, масалан, Поьшага ҳам жўнатиб турилади.

Бу мамлакатларда Шимолий кореялик ишчилар ер ости қазилмалари саноатида, тўқимачилик саноатида, ўрмонларда ва қурилишларда меҳнат қилишади.

Дарусманнинг маълумотига кўра, ишчилар ойига 120-150 доллар маош олишади. Айни шу ҳолатда иш берувчилар Шимолий Корея ҳукуматига уларнинг меҳнати учун кўпроқ ҳақ тўлашади.

Дарусманнинг айтишича, Шимолий кореялик ишчилар суткасига 20 соатдан ишлашади ва бир ойга икки кун дам олишади. Агарда ишчилар кунлик нормани бажара олишмаса, умуман маошсиз қолишади, деб келтирилади маърузада.