Эстония ҳарбий ҳаво кучлари бош қўмондони полковник Яак Тариен НАТОнинг мамлакат ҳудудида хизмат қилаётган қора танли аскарларини ҳақорат қилган фуқаролардан уялганини тан олди. Бу ҳақда Facebook’даги саҳифасида ёзди.

“Бугун мен айрим ватандошларимизнинг хатти-ҳаракатларидан уялишга мажбур бўлдим”, - деб ёзди у. Унинг сўзларига қараганда, АҚШдан ташриф буюрган эскадрилья ўтказаётган ўқувларни кузатиш жараёнида у ҳамкасбларидан эскадрильянинг 300 аъзосининг таассуротлари қанақа эканлиги билан қизиқиб кўрган.

Унга шундай жавоб берилган: “ҳаммаси яхши: чиройли жой, эстонлар ўз мамлакатидан ғурурда, уйлар чиройли, кўчалар тоза”. Шунга қарамай, танасининг ранги фарқ қиладиган айрим ҳарбийлар Таллинда даҳанаки, баъзан эса жисмоний ҳамлаларга дучор бўлаётгани ҳам айтилган.

“Меҳмонхона олдидаги одамларга ташланиб, ресторанларда “Нигерияга йўқолинг”, деб бақириб, сиз бизнинг мустақиллигимизни ҳимоя қилаётган одамларни ҳақорат қилмоқдасиз. Керак бўлса, улар бизнинг озодлигимиз учун ҳаётларини беришади. Сен эса, ватан жонбози, ўз давлатинг учун жонингни беришга тайёрмисан?”, - деган сўзлар билан мурожаатини якунлади Тариен.