Фарғона вилоятининг Риштон туманида истиқомат қилувчи қайнона-куёв Сожида Тожиева ва Санжар Холдоров мудҳиш қотилликда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Воқеа тафсилотлари “Ҳуқуқ” нашрида келтирилди.

Сожида тумандаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида мудира бўлиб ишлаб келган. Унинг турмуш ўртоғи Абдурасул Қозоғистон ва Россияда узоқ муддат ишлаб юрган. Унинг йўқлигида Сожиданинг бошқа эркаклар билан юргани ҳақида тарқалган гаплар туфайли уларнинг муносабатлари бузилиб, битта ҳовлида туришса-да, амалда улар бошқа-бошқа рўзғор юрита бошлашган.

Сожида тўнғич қизини тоғасининг ўғли Санжарга узатган. Чет элда омади юришмаган Санжар қишлоқда пулга зор бўлиб юрган пайтида қайнонаси унга яхши таклиф билдирган.

Абдурасул, гарчи амалда улар ажрашган бўлишса-да, тез-тез Сожидани калтаклаб турар эди. Бу жонига теккан аёл куёвидан бирор одам топиб, Абдурасулни йўқ қилишни сўраган.

Бундан фойдаланиб қолишни истаган Санжар Жамол исмли “ёлланма қотил”ни ўйлаб топиб, бу иш 10 минг долларга битишини айтган. Сожида уни 5 минг долларга кўндирган. Шу билан бирга, Санжар уни “ёлланма қотил” билан учраштиришни истамаганидан аёл бундай одамнинг аслида йўқлигини, куёви барча пулни ўзи олмоқчи эканлигини тушунган эди.

Бир куни қайнона ва куёв ҳовлига келиб, Абдурасул билан ярашишди ва у билан бирга ўтиришди. Кечаси, у уйқуга кетгач, аёл ичкарига кириб кетди, Санжар эса болта топиб, қайнотасини ўлдирди.

Лекин Сожида пул беришни пайсалга солиб юраверди. У ҳовлидан нарсаларини олиб, аммасининг уйига кўчиб кетди. Абдурасулни сўраб келган акаси Маҳмуджон ва ҳамкасби Ҳайдаралини “эрим ишлашга чет элга кетган” деб алдади.

Қайнонасидан пул ололмаган Санжар уйдаги мебеллар, гиламлар ва бошқа қимматликларни олиб чиқиб кета бошлади. Ҳатто қўшни эркакларни ҳовлига чақириб, у ердаги мурдани яширинча олиб чиқиб кетишда ёрдам сўрайди.

Унинг хатти-ҳаракатларидан шубҳалана бошлаган қариндошлар ниҳоят узоқ суриштирувлардан сўнг бўлиб ўтган воқеаларни тушундилар. Санжарнинг отаси Муроджон шахсан милицияга мурожаат қилди.

Ўтказилган суд жараёни натижасида икки жиноятчига тегишли жазо тайинланди.