БМТ томонидан террорчи ташкилот сифатида эълон қилинган ИШИД 2014 йилнинг ёзидан буён 13 нафар журналистни ўлдирди. Бу ҳақда "Чегарасиз мухбирлар" халқаро ташкилоти сайтида маълум қилинди.

Жангарилар 2014 йилнинг июнида Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрини босиб олганларидан кейин шу шаҳарда қатл қилган маҳбуслар орасида 13 нафар журналист бор. Қайд этилишича, ИШИД Мосулдаги теле ва радиостанцияларни маълумотлар тарқалиши олдини олиш мақсадида ёпиб қўйган ва ходимларни қатл қилган.

"Чегарасиз журналистлар" маълумотида қайд этилишича, жангарилар биринчи навбатда журналистларни асирга олишга ҳаракат қилишади. Шу вақтгача ИШИД қўлига асирликка тушган 48 нафар журналистдан 10 нафарининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Суриядаги ARA News агентлиги маълумотига кўра, ИШИД ўз тасарруфидаги барча журналистларни қатл қилиш билан таҳдид қилган.

2015 йилнинг августида жангарилар Мосулда Saladin TV журналисти Адель Саэфни ва унинг отасини отиб ташлаганди. Ундан олдинроқ, Al-Musiliyah телеканали ходимлари Самаҳ Муҳаммад ва Волид Абдулла ўлдирилган.

2014 йилнинг сентябрида Мосулда америкалик журналист Стивен Сотлофф қатл қилиниши саҳнаси интернетга жойлаштирилганидан кейин ташкилот афкор омма олдида ваҳший тузилма сифатида танила бошлаганди.

Ушбу америкалик журналист, Timе ва Foreign Policy ходими Сотлофф ўз ўлими олдидан Барак Обамага мурожаат қилганди.

"Нега мен АҚШнинг Ироқдаги фаолияти учун қурбон бўлишим керак. Ахир мен АҚШ фуқароси эмасманми?", деганди ўшанда у.

Жангарилар уни ўлдиришгач, британияликлар ИШИДга қарши коалициядаги иштирокини тўхтатмаса, асирликдаги британ журналисти Дэвид Хэйнсни ўлдириш билан таҳдид қилишган, кўп ўтмасдан ўз талабларига жавоб олинмагач, Хэйнсни ҳам қатл қилишганди.
Сотлоффнинг жаллоди ундан олдинроқ, америкалик фотомухбир Жеймс Фоулини ҳам ўлдиргани маълум бўлган.

ИШИД ўзи босиб олган ҳудудларда асирларни қатл қилишда давом этмоқда. 2015 йилнинг сентябрида жангарилар Идлибда (Сурия) ҳукумат армиясининг 56 аскарини оммавий равишда ўлдирди. Шу йилнинг майида эса Пальмирада 217 киши қатл этилган. Уларнинг 67 нафари тинч аҳоли вакили, 150 нафари ҳарбийлар эди.