Террорчилик ташкилотига қўшилишга уринишда гумон қилинаётган Москва давлат университети талабаси Варвара Караулова ўз айбига иқрор бўлди, деб хабар берди вазиятдан бохабар бўлган манба “Интерфакс” нашрига.

“Сўроқ қилиш давомида Варвара Караулова айбини тан олди ва ҳозирда кўрсатма бермоқда”, деб хабар берди агентлик суҳбатдоши.

Манбанинг таъкидлашича, талаба тергов ишларига кўмак бермоқда. Караулованинг ҳибсга олинишига у Туркиядан қайтганидан кейин ҳам ўзини ёллаган одамлар билан алоқани давом эттиргани сабаб бўлган.

Аввалроқ маълум қилингандек, Москванинг Лефортово туман суди олдини олиш чораси сифатида Карауловани ҳибсга олишга рухсат берган. Суд матбуот котиби Юлия Скотникованинг айтишича, қиз ўз исми ва фамилиясини ўзгартирган. Суд ҳужжатларида қиз Иванова Александра Павловна исми-фамилияси билан қайд қилинган.  

Ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манба Карауловани ёллаганликда гумон қилинаётган шахс қидирувга берилганини маълум қилди. Бу Пенза вилоятида яшаган Илёс Бикмаев исмли шахс бўлган. 

Аввалроқ ИШИД сафига қўшилмоқчи бўлган МДУнинг фалсафа факультети талабаси Варвара Караулова июнь ойида Туркияда Сурия чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлганда Интерпол ҳамда турк махсус хизматлари саъй-ҳаракатлари билан қўлга олингани маълум қилинганди. Қиз 2015 йилнинг 27 майида ўқишга чиқиб кетиб, йўқолиб қолган. Қиз адвокатининг айтишича, у радикал ислом ғояларига берилиб кетган.