Тошкентнинг халқаро бизнес марказида Британия кенгашининг Ўзбекистондаги фаолиятига бағишланган тадбир ўтказилди. Унинг доирасида Лондоннинг “Глобус” театри Тошкентга ташриф буюриши ҳамда “Ҳамлет” спекталини ижро этиши маълум қилинди. Бу ҳақда “Правда Востока” нашри ёзмоқда.

Ўтказилган матбуот анжумани чоғида таъкидланишича, Уильям Шекспир таваллудининг 450 йиллиги муносабати билан театр жамоаси 2 йиллик халқаро турнега чиққан. Мана шу турне доирасида театр Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу тадбир маданият ва спорт ишлар вазирлиги ҳамда “Ўзбектеатр” томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Шу тариқа, 4 ноябрь куни Миллий академик драма театри саҳнасида британиялик меҳмонлар томонидан “Ҳамлет” 4 аср муқаддам қандай ижро этилган бўлса, худди ана шундай услуб ва техник имкониятларда ижро этилади.

5-6 ноябрь кунлари эса “Театр масалалари” форуми ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, тарихи 1599 йилдан бошланадиган “Глобус” театрида ўз вақтида буюк шоир ва драматург Уильям Шекспир ишлаган.