«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси кейинга ҳафтанинг охирида Испаниянинг Talgo компаниясининг иккита тезюрар электропоездини сотиб олиш бўйича шартномани имзолайди, деб хабар бермоқда компаниянинг бошқарув раиси биринчи ўринбосари Даврон Деҳқоновга иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри.

Деҳқоновнинг айтишича, Talgo раҳбарияти кейинги ҳафтада 5-6 ноябрда бўлиб ўтадиган Халқаро инвестицион анжуманда иштирок этиш учун келади, айнан шу анжуман давомида тегишли шартнома имзоланади.

Деҳқонов поездларнинг нархи ва техник кўрсаткичларини тижорат сири эканини айтиб, уларни айтишдан бош тортди. Унинг айтишича, поездлар Ўзбекистон томонидан қўйиладиган талабларга мувофиқ қурилади.

«Ўзбекистон темир йўллари» ва Испаниянинг Patentes Talgo, S.L. компанияси 2015 йилнинг март ойи бошида юқори тезликдаги темир йўл ҳаракати соҳасидаги ҳамкорлик қилиш ҳақидаги меморандумни имзолаган эдилар. Айнан шунда миллий компания катта сиғимдорликка эга, иккита янги юқори тезликдаги Talgo поездларини сотиб олишга тайёрлигини билдирганлар.

Янги поездлар кейинги йилнинг сентябрида ишга тушириладиган “Тошкент-Бухоро” юқори тезликдаги темир йўл трассасида ишлатилиши тахмин қилинмоқда. Бу темир йўлнинг қурилиши 400 млн долларга баҳоланмоқда. Бу йўл билан йўловчиларни Тошкентдан Бухорога етказиш вақти 2 соатга қисқаради, фойдаланиш харажатлари эса 30 фоиздан кўпроққа камаяди.

Иккита поезднинг нархи 100 млн еврони ташкил қилиши мумкин.

Ҳозирда Ўзбекистондаги темир йўлларда Talgo компаниясининг 4 та бош ва 18 та йўловчи вагонлари ишлатилмоқда. Бу поездлар Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлардан бири шарафига “Афросиёб” деб ном олган.