АҚШнинг жорий йилнинг сентябрь ойида Сурия ҳудудида ИШИДга қарши зарбалари сонининг камайиши Россия ҳарбий-коинот кучлари операцияси бошланиши билан ҳеч қандай боғланмаган. Бу ҳақда Ироқ ва Суриядаги “Мустаҳкам қатъиятлик” операцияси қўмондонлиги расмий вакили, Боғдоддан видеоалоқа орқали Пентагонда йиғилган журналистлар билан суҳбатлашган полковник Стив Уоррен маълум қилди.

“Бу ҳеч қанақасига руслар билан боғлиқ эмас”, деб айтди Уоррен. Шу билан бирга у охирги уч ойда ғарб кучлари ҳақиқатан ҳам Сурияда бомбардимонларни камроқ ўтказганларини тан олди, бироқ, Уорреннинг айтишича, бу ҳолат кўпгина омилларга боғлиқ ҳолда юзага келган. Уоррен хусусан Ироқда қуруқликдаги хатти-ҳаракатлар фаоллашганига ишора қилди. Унинг айтишича, бу ҳолат ҳавода қўшимча кучларни жалб қилинишини талаб қилади.

Уоррен тақдим қилган маълумотларга кўра, сентябрь ойида ИШИДга 100га яқин зарба берилган, ваҳоланки август ойида бу кўрсаткич деярли 2 марта кўпроқни, яъни 200тага яқинни ташкил қилган. Июль ойида эса жангарилар 350 марта ҳужумга учраган.