Россиялик пранкчилар (телефон орқали одамларни масхара қилувчилар) Владимир Кузнецов ва Алексей Столяровлар бир ҳафта мобайнида Россия номидан Украина инфраструктура вазири Андрей Пивоварский ва Украина халқаро авиалиниялари президенти Юрий Мирошников билан музокаралар олиб боришганини маълум қилишди.

16 сентябрь куни Украина ҳукумати Россиянинг 25 авиакомпаниясига нисбатан санкциялар жорий қилиб, уларнинг мамлакат ҳудудига парвозлар амалга оширишига тақиқ қўйишди. 25 сентябрдан икки мамлакат ўртасида авиаалоқа тўхтатиб қўйилди.
“Биз авиаалоқа билан боғлиқ масалани ҳал қилмоқчи эдик, биз, агарда Россия ва Украинанинг тегишли вазирликларини ўзаро боғласак, улар ниҳоят алоқага чиқади ва қарор қабул қилади, агарда санкцияларни бекор қилмаса, ҳеч бўлмаса бирор чора кўради деб ўйлаган эдик”, - Кузнецовнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Пранкчининг таъкидлашича, Украина томон мулоқот ўрнатишдан бош тортган.
Шу билан бирга, улар бу воқеа икки томон ўртасида музокараларнинг қайтадан бошланишида муҳим омил бўлиши мумкнилигига ишонмоқда.
Кузнецовнинг таъкидлашича, пранкчилар Мирошниковга чиқиб, ўзларини “Аэрофлот” компанияси вакиллари сифатида таништирган.
“Биринчи суҳбатимиздан сўнг у вазир Пивоварскийга учраб, Россия томон мулоқот ўрнатишни хоҳлаётганини айтди. Шундан сўнг Пивоварскийнинг ўзи биз билан алоқага чиқди”, - ҳикоя қилиб берди пранкчи.

Кузнецов ва Столяров интернетда Вован ва Лексус тахаллуслари билан машҳур бўлиб, россиялик бир неча вазирни телефон орқали лақиллатганлари билан донг таратишган. Шунингдек, улар таниқли хонанда Элтон Жонни ҳам масхара қилишган: Столяров ўзини Россия президентининг матбуот котиби деб таништириб, ўзини Путин деб таништирган Столяровнинг сўзларини инглизчага таржима қилиб бериб турган. Бунинг натижасида ахийри Путин ростанам хонанда билан суҳбат қурган эди.