Бокс бўйича Қозоғистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Галимбек Кенжебаев яқиндагина Туркияда бўлиб ўтган халқаро турнирдан кейин маҳаллий Vesti.kz нашрига интервью берди.

Интервью давомида мураббий бокс мусобақаларидаги Ўзбекистон ва Қозоғистон қарама-қаршилигига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ўзбекистонликлар билан бўладиган бокс жанглари биз учун доим принципиал аҳамиятга эга бўлиб келган. Иттифоқ давридан буён иккала ҳудуд ўртасида катта рақобат бор. Собиқ Иттифоқ давлатлари ўртасидаги спартакиадалар даврида биз учун энг асосий жиҳат ўзбекистонликларни ортда қолдириш бўларди. Ҳозир эса Осиё чемпионатларида, олимпиада ўйинларида нафақат бокс, балки бошқа спорт турларида ҳам рақобатлашамиз».

«Ўзбекистонлик боксчилар ҳозирда жуда катта ўсишга эришишди. Уларда бу борада мотивация жуда юқори. Спортчилар терма жамоа аъзоси бўлиш учун қўлидан барча ишни қилишади, барча имкониятларини ишга солишади. Бу ҳақда биз доим ўз шогирдларимизга айтиб келамиз».

«Ўтган сафар биз Таиландда ўтган Осиё чемпионатида ўзаро рақобатлашгандик. Биздан олтита, улардан иккита чемпион чиққанди. Филиппинда эса биздан тўрт нафар спортчи финалга чиққан, улардан эса бештаси. Аммо бизнинг барча спортчиларимиз чемпион бўлишган, ўзбекистонликлардан эса фақатгина биттаси».

«Ҳар доим иккала жамоа ўртасида кураш кечган. Асосан финалдаги ўзаро баҳсларда ким кучлилигини аниқлаб олиш мумкин. Ўзбеклар жисмонан кучли, тиришқоқ ва меҳнаткаш бўлишади. Табиатан улар шундай «чақилмас» бўлишади. Шундай экан, ҳар доим улар билан рақобатлашиб келганмиз. Улар Қозоғистон боксидан ўрганишади. Бу ердаги мусобақаларда қатнашишади ва ўсишга эришади. Ёшлар ўртасидаги мусобақаларда ҳам, катталар ўртасидаги турнирларда ҳам шундай. Бундай рақобатда бизникилар ҳам ўсишга эришишади», дея гапириб ўтган мураббий.