Бугун, 29 сентябрь куни Туркияда мустақиллик куни нишонланмоқда.

Жанубий Ғарбий Осиёда (ҳудудининг 3 фоизи, аҳолисининг 20 фоизи жануби-шарқий Европада) жойлашган Туркиянинг расмий номи Туркия республикаси (туркча Türkiye Cumhuriyeti) деб аталади.

Бу мамлакат 1923 йилда Усмонийлар империясининг Биринчи жаҳон урушидан кейин парчаланиб кетиши натижасида ташкил топган. 1923 йилнинг 29 октябрида Мустафо Камол Отатурк томонидан Туркия республикаси эълон қилинганди.

Мамлакат 1952 йилдан бери НАТО аъзоси ҳисобланади. 2000 йилдан бери Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомига эга. 

Туркия маъмурий жиҳатдан 81та вилоятга бўлинган. Вилоятлар 923та тумандан иборат.

Қонун чиқариш органи бир палатали парламентдан — Буюк Миллат Мажлиси (Büyük Millet Meclisi)дан иборат бўлиб, унда 5 йилга сайланадиган 550 депутат фаолият юритади. Давлат раҳбари Республика Президенти (Cumhurbaşkanı) деб аталади. Аввалари президент парламент томонидан етти йиллик муддатга сайланарди. Президент қайта сайланиш хуқуқига эга эмас эди. 2007 йилнинг 21 октябрида ва 2010 йил 12 сентябрида бўлиб ўтган референдумларга кўра конституцияга ўзгартиш киритилди ва унга кўра Президент умумхалқ томонидан беш йил муддатга сайланадиган бўлди.

Ижроий ҳокимият Вазирлар Кенгашига (Bakanlar Kurulu) берилган бўлиб, ҳукуматга бош вазир (Başbakan) раҳбарлик қилади. Ижроий ва қонун чиқариш органлар устидан Конституциявий назоратни 11 нафар доимий ва 4 нафар ўзгариб турувчи аъзоси бўлган Конституцион Суд (Anayasa Mahkemesi) амалга оширади.

Шу ҳафтанинг якшанба куни Туркияда муддатдан аввалги парламент сайловлари бўлиб ўтади. Июль ойида бўлиб ўтган сайловларда бирор бир партия якка ҳолда ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлмаганидан сўнг, энг кўп овоз олган Адолат ва Тараққиёт партияси раҳбари Аҳмад Довудўғлу каолиция ҳукумати тузишга ҳаракат қилди. Аммо бу каби саъй-ҳаракатлар самара бермади. Аслида қонун бўйича, иккинчи ўринни олган партия раҳбарига коалиция ҳукуматини шакллантириш топширилиши ҳам мумкин эди. Аммо президент 1 ноябрда муддатдан илгари сайлов ўтказишга қарор қилди.

Айни дамда Туркияда ўтиши кутилаётган сайловларга кўпчилик умид кўзи билан қарамоқда. Бу сайлов натижалари нафақат Туркия учун, балки муҳожирлар инқирозини бошдан кечираётган Европа ва қўшни мамлакатлар учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади.

Таҳлилчилар Туркиядаги барқарорлик минтақа давлатларига ижобий таъсир кўрсатишини айтишган.

Мамлакат сайловчилари эса сайловлар ички муммоларни бартараф этиш йўлида ташланадиган қадам бўлишини айтишади. Сайлов натижалари Туркиядаги иқтисодий вазиятга ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда. 7 июлдаги сайловлардан сўнг турк лирасининг доллар ва еврога нисбатан қиймати тушиб кетган эди. Бу ўз навбатида иқтисодиётда бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Янги ҳукумат мана шу муаммоларни бартараф этиши керак бўлади.

(Муаллиф: Шарофидин Тўлаганов).