Сирдарё вилоятида 2015 йилнинг 9 ойида 123та саноат корхонаси ташкил этилди

Ўзбекистон 29 Октябрь 2015 1319

Сирдарёда 2015 йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими О.Ашурматов бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда вилоят,туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.

Ҳисобот даврида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 2 триллион 66 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 8,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,4, қурилиш-пудрат ишлари 1,3, чакана товар айланмаси 20,4, жами хизматлар 15,7, ҳудудий экспорт ҳажми 13,1 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 73,7, хизматлар улуши эса 33,6 фоизга етди.

Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. 2015 йил 9 ойида хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар сони 68 тага етди. Улар томонидан қарийб 204,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда 36 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. 123 саноат корхонаси ташкил этилиб, уларнинг сони 1 минг 126 тага етди. Ушбу корхоналар томонидан жорий йилнинг 9 ойида 914 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Йиғилишда Ўзбекистон президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик имкониятлари кўламини кенгайтириш, уларнинг фаолиятига ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўсиш суръатлари таъминлангани қайд этилди. Кичик бизнесни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга устувор аҳамият қаратилаётгани туфайли 716 кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 7 минг 222 тага етди.

Маҳаллийлаштириш дастурига асосан йил якунига қадар 9, қишлоқ хўжалиги соҳасида 35 лойиҳани амалга ошириш юзасидан белгиланган ишларни тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев сўзга чиқди.

Кўпроқ янгиликлар