Сурияда ўз жонига қасд қилиши оқибатида ҳалок бўлгани тахмин қилинаётган, шартнома бўйича хизмат қилган россиялик ҳарбий Вадим Костенконинг севган қизи Татьяна Супрун йигитнинг Сурияга боришни унчалик истамаганини айтди, деб хабар бермоқда “Говорит Москва”.

“У менга у ерга унчалик боришни истамаётганини айтган. Уларни ҳарбий қисмда сафга тортиб, ким боришни истамаса сафдан чиқишни сўрашганда, ҳамма бир-бирига қараб қўйган, бироқ хизматдан бўшатиб юборилишдан қўрқиб, ҳеч ким сафдан чиқишга ботина олмаган. Мен уни қандай қилиб Сурияга юборишгани ва у тиббий кўрикдан қандай қилиб ўтганини умуман тушунмаяпман. Чунки у кўпинча юрагидан шикоят қиларди. Қандайдир дорилар ичиб юрарди. Бироқ унинг айтишича, шифохонада унинг соғломлигини айтишган”, деб айтмоқда Супрун.

Супруннинг айтишича, йигит билан унинг орасида ҳеч қандай тортишув бўлмаган. Унинг айтишича, у ёри билан унинг ўлими куни гаплашган ва “ҳаммаси рисоладагидек бўлган”.

Россия Мудофаа вазирлиги тахминига кўра, Сурияда техник мутахассис сифатида ҳарбий хизмат ўтаган аскар севган қизи билан тортишиб қолгандан кейин навбатчиликдан кейин дам олиш пайтида ўз жонига қасд қилган.

Ҳарбий 28 октябрда ўз она қишлоғи Краснодар ўлкасининг Гречаная Балка қишлоғида ҳарбийларга хос тарзда иззат-икром билан дафн қилинди.