Россиянинг Суриядаги контингетида хизмат ўтаётган оддий аскар Костенко ҳалок бўлгани юзасидан ушбу мамлакат мудофаа вазирлиги расмий баёнот берди.
Айтилишича, Костенко тўй ва автомобилга пул ишлаш учун ўз ихтиёри билан Сурия операциясига қўшилган. У доимий равишда севган қизи Татьяна Супрун билан телефон орқали мулоқот қилган.

Унинг телефонларидаги SMS-хабарлар таҳлили шуни кўрсатдики, улар ўртасидаги муносабатлар анча мураккаб бўлган: қиз мулоқот ўрнатиш ташаббусини кўрсатмаган, йигитнинг хабарларига эса қўпол жавоблар берган.
24 октябрь куни Костенко қизга қўнғироқ қилган, аммо қиз меҳмонда эканлигини айтиб, мулоқот қилишдан бош тортган.

Ўша куни аскар ота-онаси билан телефон орқали ярим соат гаплашган ва, хизматдошларининг таъкидлашича, анча мамнун ва хурсанд кўринган.
Соат 16:00да у ҳарбий машинага миниб, автопарк томон кетган. Орадан бир муддат ўтиб унинг танаси топилган. Унинг иккала телефонида ҳам охирги қўнғироқлар севган қизига йўлланган эди, аммо, таъкидланишича, 10га яқин қўнғироққа Супрун жавоб бермаган.

Айримлар бу версияни шубҳа остига олмоқда ҳамда Костенконинг ўз жонига қасд қилишига асос кўрмаяптилар. Жумладан, Татьяна Супрун уларнинг муносабати яхши бўлганлигини, охирги куни телефондан гаплашганларини таъкидламоқда.
Вадим Костенко Краснодар ўлкасининг Гречаная Балка қишлоғида дафн этилди.