Бугун, 29 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз мамлакати Сурия ҳудудида курдлар мухторияти ташкил этилишига "тиш-тирноғи билан" қаршилик кўрсатиши, зарур бўлса, мухторият тузилиши олдини олиш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақида маълум қилди.

“Туркия зарур ҳолларда нима қилишини ўзи билади бунинг учун кимнингдир рухсати шарт эмас”, - дея таъкидлаган Эрдўғон.

Мазкур баёнот курдларнинг Туриянинг жанубий чегараларига яқин Телль-Абъярд шаҳрида мухтор вилоят ташкил этиши ҳақидаги эълонидан сўнг билдирилган. Расмий Анқара курдларнинг ушбу эълони Туркия миллий хавфсизлигига хавф туғдираётганидан ташвишда.

Бироз олдин бу ҳудуд ИШИД назорати остида эди. Олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар орқали курдлар бу шаҳарни қайтариб олишди.

Айни вақтда Сурияда 2011 йилнинг 26 октябрида тузилган, курдларнинг 16та партиясини ўзида бирлаштирган Курд миллий кенгаши фаолият кўрсатмоқда. Бу ташкилотни Ироқ курдистони раҳбари Маъсуд Барзоний қўллаб-қувватлайди.

2013 йилнинг кузида КМК Абдул Ҳаким Башар бошчилигидаги Мухолиф ва инқилобчилар миллий коалицияси таркибига кирган. КМК Сурияда Башар Асаднинг ағдарилиши тарафдори ҳисобланади ва хорижликларнинг аралашувисиз демократик ҳукумат тузилишини истайди.

Сурияда Курдистон ишчилар партиясининг 2003 йилда ташкил этилган филиали "Бирлик Демократик партияси" (БДП) ҳам мажуд бўлиб, бу партия мухторият ташкил этиш ғоясини олға сурмоқда. Бу партия Халқ ҳимояси қўшинлари номи остидаги ҳарбий кучга эга. Ўз навбатида бу партия Асад билан муроса қилишга қарши эмас. Ташкилот раҳбари Солиҳ Муслим бир неча марта халқаро доиралардаги музокараларда қатнашган.

2012 йилнинг 11 июлида КМК ва БДП Сурия курдлари олий мажлиси таркибида бирлашганди. СКОМ курдларнинг ички бўлиниши олдини олиш мақсадида тузилган ва бу тузилма Сурия шимолидаги тан олинмаган Сурия Курдистони ҳукумати вазифасини бажаради.

Курдлар ўз мудофаа армиясига эга ва бу армияда 50 минг атрофидаги ҳарбий мавжуд (2014 йилнинг сентябрь ҳолатига кўра). Айни вақтда сони 65 мингга етгани айтиладиган бу армия ИШИДга қаршилик кўрсатётган катта кучга айланган. Бу армия Ғарб давлатлари томонидан қурол билан таъминлаб турилади.

Курдларнинг сиёсий жиҳатдан миллат концепциясига эгалиги ва Яқин Шарқда инқирозга учраётган кучлар олдида, бугунги кунда тобора Курдистон Республикаси яратилиш эҳтимоли кучайиб бормоқда. Башар Асад режимига қарши курашда СОА (Сурия Озодлик Армияси) мағлубиятга учраганидан сўнг Ғарб мамлакатлари курдларга Сурия келажагида истиқболга эга куч сифатида қаралиб, қўллаб қувватланиши бошланди. Бу омил Туркиянинг ҳам Яқин Шарқдаги урушга тортилишига олиб келди. Туркия жанубий чегараларида Курдистон давлати пайдо бўлишидан ҳайиқиб, ичкарида ҳам, Сурия ва Ироқда ҳам курдлардга қарши ҳужумларни бошлаб юборди.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда, 20 июлда “Курдистон ишчи партияси” томонидан ташкил қилинган теракт ва полиция ходимларининг ўлдирилишидан кейин вазият жиддий кескинлашди. Охирги уч ой давомида содир қилинган терактлар оқибатида 150 нафар полиция ходимлари, ҳарбийлар ва тинч фуқаро ҳалок бўлди.

Туркия ҳарбий самолётлари 24 июлдан бошлаб Сурия ва Ироқ ҳудудида жойлашган ИШИД ва “Курдистон ишчи партияси” позицияларини бомбардимон қилиб келмоқда.