Сентябрь ойи охирига қадар Суриядаги 12 та шифохона бомбардимонга учраган. Бу ҳақда “Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилотининг сайтида маълумот келтирилган.

Натижада 35 нафар киши ҳалок бўлган. Улар орасида тиббиёт хизматчилари ва беморлар ҳам бор. 72 нафар киши эса жароҳат олган. Ташкилотнинг тасдиқлашича, олти шифохонадан учтасини ёпишга мажбур бўлинган. Авиазарбалар, шунингдек, тўртта тиббий ёрдам машинасини ҳам яксон қилган.

Ташкилотнинг таъкидлашича, авиазарбалар Идлиб, Алеппо ва Хама вилоятларидаги одамларнинг оммавий қочишига сабаб бўлган. Ташкилотнинг маълум қилишича, ўн минглаб одамлар ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган, шулардан аксарияти яқин атрофдаги қишлоқларга яширинишган.

“Чегара билмас шифокорлар” айнан ким авиазарбалар берганлигига ойдинлик киритмаган.