АҚШнинг Флорида штатидаги Форт-Лодердейл аэропортида 29 октябрда Boeing 767 самолёти чап двигателининг ёниб кетишидан кейин йўловчилар эвакуация қилинаётган пайтда 21 киши жароҳат олди. Бу ҳақда аэропорт жойлашган Броуард округи ўт ўчириш-қутқарув бошқармаси маълум қилди.

Бир эркак йўловчи эвакуация пайтида учиш-қўниш полосасидан югуриб кетаётганда қоқилиб кетиб, бошидан жиддий жароҳат олган. Аввалроқ 15 киши жароҳат олгани маълум қилинганди.

Dynamic Airways авиакомпаниясига тегишли Boeing 767 самолёти чап двигатели самолёт Каракасга учишга ҳозирлик кўраётганда, учиш-қўниш полосасида бўлганда ёниб кетган. Учиш-қўниш полосасига чиққан бошқа самолётлар учувчилари самолётнинг чап двигателидан ёқилғи оқаётганини кўриб, бу ҳақда нозирларга хабар беришган. Ёнғин оқибатида двигатель ва чап қанот бутунлай ёниб кетган. Йўловчилар самолётни ҳаво тўлдирилган траплар орқали тарк этишган.

Dynamic Airways компаниясида маълум қилинишича, самолётда 110 нафар йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзоси бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, экипаж аъзолари бу вазиятда ўзларини босиқ тутиб, тезкорлик ҳамда уюшқоқлик билан ҳаракат қилишган.

Маълум қилинишича, воқеани тергов қилиш учун АҚШ Федерал авиация бошқармаси, Boeing компанияси, двигателлар ишлаб чиқарувчи Pratt&Whitney компанияси ва Dynamic Airways авиакомпанияси вакилларидан иборат комиссия тузилган.

CNN телеканалининг маълум қилишича, самолёт 29 йил аввал қурилган бўлиб, охирги марта жорий йилнинг июнида техник кўрикдан ўтган. Айнан ўшанда ёниб кетган двигатель алмаштирилган. У бор-йўғи 200 соат эксплуатация қилинган.