Ўзбек эстрадаси вакилларидан бири Жасур Умиров “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига оёқларини маъмурининг тиззаси устига қўйган ҳолда тушган суратини эълон қилгани, мазкур фото ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетгани сабабли “Ўзбекнаво” эстарада бирлашмаси томонидан огоҳлантирилди. Бу ҳақда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензия бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаххоров Kun.uz сайтига берган интервьюсида маълум қилди.

“Жасур Умиров билан боғлиқ масалада санъаткорнимас, балки унинг маъмурини кўпроқ айбдор деб биламан, - деди Одилжон Абдуқаххоров. - Чунки маъмур санъаткорнинг имижини яратиш, унинг хатти-ҳаракатларини тартибга солиб юриш учун ҳам пул олаяпти. Маъмур хонандани тартибга солиб юриши лозим. Нима учун эл эътиборидаги санъаткор оёқларининг суратларини оммага эълон қилар экану, маъмур бунга беписанд муносабатда бўлиши керак?”

О.Абдуқаххоровнинг фикрича, бу каби беписандликлар натижасида санъаткор эртага бундан ҳам оғирроқ ишларни қилиши ҳам мумкин. “Кечирасизу, шундай маъмурлар борки, хонандалар улар билан бемаслаҳат бирорта ҳам иш қилмайди. Бир-бирини қаттиқ ҳурмат қилади, керак бўлса, санъаткор ўз маъмуридан чўчиб туради”, - дея сўзини давом эттирди “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакили.

Мазкур масала юзасидан Жасур Умировнинг маъмури билан боғланганимизда, бу борада ҳеч нарса дея олмаслигини маълум қилди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензия бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаххоров билан бўлиб ўтган интервьюнинг тўлиқ матнини қуйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.