Россия Мудофаа вазирлиги АҚШнинг Москвадаги элчихонаси матбуот котибидан Россия томонидан Сурияда ўтказилаётган ҳарбий амалиётларига билдирган муносабати бўйича изоҳ беришни сўради. Бу ҳақда генерал-майор Игорь Конашенковга асосланиб, РИА Новости хабар қилди.

Бироз олдинроқ, элчихона вакили берган интервьюсида Россиянинг Сурияда амалга ошираётган ҳаво зарбаларининг 80 фоизи ИШИДга эмас, бошқа кучларга қарши қаратилгани ҳақида айтиб ўтганди.

Конашенковнинг айтишича, унда "Россиянинг ҳарбий амалиётлари асосан Сурия мухолифатига қарши қаратилгани" айблови бўйича саволлар бор.

"Суриядаги гуруҳларнинг бир-биридан фарқи кўп эмас. ИШИД каби ўз асирларининг бошини олиш билан шуғулланадиган "Ал-Нусра фронти" ва "Жайш ал-Фатҳ" жангариларини Сурия мухолифати сифатида қабул қилиш керакми? Жаноб Стивенсдан жавоб кутамиз", дейди генерал.

Бироз олдинроқ, Россия ТИВ вакили Мария Захарова Ғарб ОАВлари орқали Россия самолётлари томонидан Суриядаги ҳаракатларига шубҳа билан қаралган хабарлар тарқатилаётгани русларни ранжитаётгани ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Россия 30 сентябрь куни Сурия илтимосига кўра, ИШИДга қарши амалиётлар ўтказишни бошлади.