Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳукуматлари раҳбарлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 40та ҳужжатни имзолашди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар берди.

Йиғилишда ҳаво ҳужумидан мудофаа, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар алоқалар, молиявий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, ҳукуматлар раҳбарлари 2011 йил 18 октябрда қабул қилинган Эркин савдо зонаси тўғрисидаги Шартномани қўллаш Баённомаси ҳақидаги қарор ва 2020 йилга қадар МДҲ Иқтисодий тараққиёти стратегиясининг учинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлашди.

Фавқулодда ҳолатлардан огоҳлантириш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик, шунингдек, МДҲ давлатларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизимини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг молиявий истиқболлари ҳамда МДҲ давлатлари Мудофаа вазирлари кенгаши қошидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита фаолиятини таъминлашга бағишланган ҳужжатларга имзо қўйилди.

Шу билан бир қаторда, йиғилиш якунларига кўра, МДҲ давлатларида халқаро электр алоқаси хизматини кўрсатиш борасида операторлараро ҳисоб-китобни амалга ошириш шароитлари тўғрисида келишув лойиҳаси тасдиқланди.

Шунингдек, 2020 йилгача бўлган давр мобайнида транспорт воситалари учун мотор ёнилғиси ўрнида табиий газдан фойдаланишни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар лойиҳаси қабул қилинди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон ҳукумати вакили Адҳам Икрамов бошчилигидаги ўзбек делегацияси иштирок этди.