Россиянинг йирик лизинг компаниялари “Трансаэро” авиакомпанияси фаолиятида “каннибализация”ни қайд қилишди, яъни компания ходимлари айрим лизингга берувчиларнинг самолётларидан двигателларни ечиб олиб, бошқаларининг лайнерларига ўрнатишган. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, профилактика бир ой вақт ва кўп маблағ талаб қиладиган двигателларга нисбатан шундай қилинган. Бунинг натижасида лизинг берган банклар 20та ҳаво кемасининг комплектациясидаги нуқсонлар туфайли уларни бошқа компанияларга лизингга бера олмаяпти.

Экспертларнинг сўзларига қараганда, буни суриштириш учун ташкил этиладиган аудит юз минглаб доллар сарф-харажатни талаб қилади, эҳтиёт қисмларни бирламчи комплектацияга келтириш учун эса бир неча миллион доллар керак бўлиши мумкин.