30 октябрь куни Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида “Биз жиноятчилик ва терроризмга қаршимиз” шиори остида маънавий-марифий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун.уз махсус мухбири Элмурод Эрматов хабар берди.

Ёшлар анжуманида сўз олган туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддасхон Султонова, туман имом-хатиби ўринбосари Санжарбек Маманазаров, шоира Замира Рўзиева, “Олтинкўл” ижтимоий-сиёсий газетаси муҳаррири Фахриддин Парпиев бугун мамлакатимизда ёшлар тарбиясига берилаётган юксак эътибор, уларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишишлари учун яратилган шарт-шароитлар, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда истиқлол ғоясининг моҳияти ҳақида маъруза қилишди.

Коллеж талабалари томонидан тайёрланган “Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайлик” деб номланган саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Иқтидорли талабалар мўъжаз саҳна асари орқали муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб жаҳонда тинчлик-тотувликка раҳна солаётган терроризм иллати оқибатларини юқори даражадаги ижро маҳорати билан кўрсатиб беришди.

Тадбир давомида ўқув муассасаси бадиий ҳаваскорлари томонидан концерт дастури намойиш қилинди.